Фотиҳа сураси матни ўзбек тилида

(Маккада нозил бўлган, 7 оят)

1. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм; 2. Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн; 3. Арроҳманир-роҳийм; 4. Малики явмиддийн; 5. Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн; 6. Ихдинас сиротол мустақийм; 7. Сиротоллазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағзуби ъалайҳим валаззоллийн.


Фотиҳа сураси ҳақида маълумот

Қуръони каримнинг биринчи сураси Фотиҳа бўлиб, у Маккада ва Мадинада икки маротаба нозил бўлган. Суранинг ўнга яқин номлари бор. Улардан машҳури – “Фотиҳа” (Очувчи)дир. Каломуллоҳ ушбу сура билан бошлангани сабабли шундай ном берилган. Сура кичик бўлса-да, Ислом дини асосларини ўзида жамлаган, яъни бутун Қуръони каримнинг маъносини ўз ичига олган. Шу сабаб ушбу сура “Уммул Қуръон”, “Уммул Китоб”, яъни “Қуръоннинг онаси” деган номлар билан ҳам аталади. Ҳижратдан кейин Мадинада, қибла ўзгарганда такроран нозил бўлгани сабабли бу суранинг яна бир номи “Ас-сабъул масоний”, яъни “етти такрорланувчи”дир. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат, Биз Сизга етти такрорланувчини (яъни, етти оятдан иборат бўлган, намознинг ҳар бир ракатида такрорланадиган Фотиҳа сурасини) ва Улуғ Қуръонни ато этдик», дейди (Ҳижр сураси, 87-оят). Баъзи уламолар бу сура аввал Маккада, сўнг Мадинада икки марта нозил бўлган, шу боис такрорланувчи деган номга эга, дейдилар. Шунингдек, намознинг ҳар бир ракатида Фотиҳа сураси ўқилади. Қуръони каримда Аллоҳга ҳамд билан бошланувчи беш сура бўлиб, улардан биринчиси Фотиҳадир.

Сура хосиятлари

Муфассирлар Фотиҳа сурасини ўқишда инсонга кўринадиган ва кўринмайдиган мингта хосият бор, дейишади. Улардан айримлари “Фатовои суфия” китобида бундай келтирилади: “Ким қирқ кун Бомдод намози суннатини ўқиганидан кейин то фарз намозига такбир айтилгунича қирқ бир маротаба Фотиҳа сурасини ўқиб, Аллоҳ таолодан нимани сўраса, барча дуоси ижобат бўлади. Агар камбағал бўлса, Аллоҳ таоло уни бой қилади, касал бўлса, шифо беради, заиф бўлса, қувватли қилади, ғариб бўлса, Аллоҳ уни азиз қилади, бепушт, фарзандсиз бўлса, фарзандли бўлади, қарздор бўлса, қарзидан нажот топади”.

Фотиҳа сураси ўқилган жойга Аллоҳ тао­лонинг қирқ йилгача бало ва офатлари келмайди. Зам-зам сувига Фотиҳа сураси ўқиб дам солинса, кейин у шифо умидида ичил­са, турли касалликларга шифо бўлади.

Шунингдек, ушбу сура “Шифо” сураси деб ҳам аталиб, у қалбдаги ва танадаги турли касалликларга даво бўлади. Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни – ўттиз отлиқ аскарни жангга жўнатдилар. Йўлда бир араб қишлоғига тушдик. Улардан бизни меҳмон қилишлари­ни сўраган эдик, истамадилар. Шу вақтда уларнинг бошлиқларини чаён чақиб олган экан, улар бизнинг олдимизга келиб: “Ораларингизда чаён чаққанига қарши дам соладиган киши борми?” деб сўрашди. Мен шундай дуони билишимни айтиб: “Аммо сизлар бизга ҳақ тўламасангизлар мен ҳам дам солмайман”, дедим. Улар: “Биз сизларга ўттизта қўй берамиз”, дейишгач, мен “Алҳамду” сурасини етти марта ўқиган эдим, ҳалиги одам дарддан бутунлай халос бўлди. Биз қўйларни олганимиздан кейин кўнглимизда шубҳа уйғонди ва улардан биронтасига тегмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб берган эдик, у зот: “Алҳамду” – руқия, у билан дам солса шифо бўладиган сура эканини қаердан билдинг? У қўйларни тақсимлаб олинглар ва менга ҳам ўзларингиз билан бирга бир улуш бўлинглар”, дедилар».

Имом Аҳмад ва Имом Байҳаҳий “Шуъабул иймон” китобида Абдуллоҳ ибн Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Мен сенга Қуръонда нозил бўлган энг яхши сура ҳақида хабар берайми?” дедилар. Абдуллоҳ: “Хабар беринг, ё Расулуллоҳ”, деди. Набий алайҳиссалом: “У Фотиҳа сурасидир. Унда барча касал учун шифо бордир”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фотиҳа сураси ҳар қандай дардга шифодир» дедилар (Имом Доримий ривояти); «Бу сурани чаён чақиб олганга етти марта ўқиб дам солинса, иншоаллоҳ, шифо бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).

← Бошқа суралар