Ризқ, барака ва бойлик сўраш дуолари

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳумма инний ас‘алукал ҳуда ваттуқо вал ъафофа вал ғина», деб айтардилар.
(Маъноси: Аллоҳим, Сендан ҳидоят, тақво, иффат ва бойлик сўрайман.) Имом Муслим ривоятлари.

Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отса:
«Аллоҳумма инний ас`алука ъилман нафиъан ва ризқон тоййибан ва ъамалан мутақоббала», деб айтар эдилар.
Маъноси: “Аллоҳим, Сендан фойдали илм, покиза ризқ, қабул бўладиган амал сўрайман.
Ибн Можа ва Ибн Сунний ривоятлари.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз сўнгида:
«Аллоҳумма инний аъузу бика минал куфри вал фақри ва ъазабил қобр», деб айтар эдилар.
(Маъноси: Аллоҳим, куфрдан, камбағалликдан ва қабр азобидан Сендан паноҳ тилайман.)
Ибн Сунний ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига меҳмон келди. У зот аёллариникига бирон таом сўраб одам юбордилар. Уларнинг биронталарининг уйларида егулик топилмади. Шунда:
«Аллоҳумма, инний асалука мин фазлика ва роҳматика, фаиннаҳу лаа ямликуҳа илла анта», дея дуо қилдилар.
Бас, у зотга бир пиширилган қўй ҳадя қилиб олиб келинди. Шунда у зот: «Мана Аллоҳнинг фазлидандир ва биз раҳматга интизор бўламиз», дедилар.

Воқиъа сурасининг фазли ҳақида кўп ҳадислар келган. Бу сураи карима Ризқ сураси деб ҳам номланган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий алайҳиссалом: «Ким Воқиъа сурасини ҳар кеча ўқиса, камбағаллик ва ҳожатмандлик кўрмайди», – деганлар.

→ Воқеа сураси

← Бошқа дуолар