Жаннатга кириш учун дуолар, зикрлар ва амаллар
Аллоҳнинг 99 исмларини ёд олиш
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни ёд олса, жаннатга киради. Албатта, Аллоҳ тоқдир ва тоқни яхши кўради», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Ҳар бир фарз намоз ортидан “Оятал Курсий”ни ўқиш.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Ким ҳар бир фарз намоз ортидан “Оятал Курсий”ни ўқиса, ўзи билан жаннатга кириш ўртасини фақатгина ўлим тўсиб туради”. Насаий ва Ибн Сунний ривояти.
Саййидул истиғфорни айтиш
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким саййидул истиғфор – «Аллоҳумма анта роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абу‘у лака биниъматика ъалаййа ва абу‘у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу ла йағфируз зунуба илла
анта»ни кечки пайт айтиб, шу куни вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам
жаннатга
киради», дедилар.
(Маъноси: Аллоҳим, Сен Парвардигоримсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени халқ қилдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга
берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган нарсаларимнинг ёмонидан Сенинг номинг билан
паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Ва яна гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни
кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларимни кечира олмайди.) Имом Бухорий ривоятлари.
Розилик дуосини айтиш
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким:
«Розийту биллаҳи роббан ва бил ислами дийнан ва бимуҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар.
(Маъноси: Аллоҳни раббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад алайҳиссаломни расул деб рози бўлдим.) Абу Довуд ривоят қилганлар.
Баъзи манбаларда, ушбу дуони эрталаб ва кечқурун 3 марта айтиш кераклиги ҳақида ёзилган.
Саломни кенг ёйиш, таом улашиш, силаи раҳм қилиш ва кечаси намоз ўқиш.
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Эй инсонлар, саломни кенг ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ҳамда одамлар ухлаётган пайтда намоз ўқинглар, хотиржам жаннатга кирасизлар”. Ибн Можжа ва бошқалар ривояти.
Рост гапириш, аҳдга вафо қилиш, омонатни адо қилиш, фаржни сақлаш, кўзни пастга қаратиш ҳамда қўлни тийиш.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Менга олти нарсага кафолат берсаларингиз, мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман. Улар: гапирсангиз рост гапиринг, ваъда берсаларингиз вафо қилинглар, омонатни адо этинглар, фаржларингизни сақланглар, кўзларингизни пастга қаратинглар, қўлларингизни тийинглар”. Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва бошқалар ривоят қилишган.
(Аёлларга тегишли). Беш вақт намозни адо этиш, рамазон рўзасини тутиш, фаржни сақлаш ва эрга итоат қилиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, шунисидан кир” дейилади”. Ибн Ҳиббон ривояти.
Учта қиз ёки сингилни боқиб, тарбия қилиш
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кимнинг учта қизи ёки синглиси бўлса, Аллоҳдан қўрқиб, уларнинг тарбиясига бош бўлса, мен билан жаннатда мана шундай бирга бўлади” деб кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларини бирлаштириб ишора қилдилар”. Абу Яъло ривояти.
Етимпарварлик
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом дедилар: “Мен билан етимнинг кафиллигини олган киши жаннатда мана шундай бирга бўламиз” деб, кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб ишора қилдилар”. Бухорий ривояти.
Савдо-сотиқда бағрикенглик
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ сотиб олаётганда, сотаётганда, ҳукм қилаётганда, ҳукм қилинаётганда енгиллик қилган кишини жаннатга киритади”. Бухорий ва Насаий ривояти.
Қийналгандан кечиб юбориш
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом дедилар: “Бир одам вафот этди ва жаннатга кирди. Ундан “Нима амал қилардинг?” деб сўралди. У: “Мен одамлар билан олди-сотди қилар эдим. Қийналган одамни кўрсам, пулини кечиб юборардим” деди. Шу сабабли у мағфират қилинди”. Муслим ривояти.
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Бир киши одамларга қарз берарди. Ходимига: “Агар қарзни тўлашга имкони йўқ киши келса, кечиб юбор. Зора шу ишимиз туфайли Аллоҳ ҳам бизнинг гуноҳимизни кечиб юборса” дер эди. У Аллоҳга йўлиқди. Аллоҳ унинг гуноҳини кечиб юборди”. Муслим ривояти.
Ёмон иш ва ёмон сўздан сақланиш
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Ҳадиси шарифдаги икки оёқнинг орасидаги нарсадан мурод – жинсий аъзо, икки жағ орасидаги нарсадан мурод – тил.
Ширк келтирмаслик
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келди. У менга: Умматингдан ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради, деб башорат берди”,
дедилар.
Ҳалоллик, суннат ва яхшилик
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳалол (таом) еса ва суннатга амал қилса ва инсонлар унинг ёмонлигидан омонда бўлишса, у жаннатга киради”, дедилар.