Касал ва бемор бўлганда ўқиладиган дуолар

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биров бир нарсадан - чақами, жароҳатми - шикоят қиладиган бўлса, кўрсаткич бармоқларини ерга қўйиб, сўнгра кўтариб, қуйидаги дуони ўқир эдилар: «Бисмиллаҳи турбату арзина бирийқоти баъзина йушфа биҳи сақиймуна биизни роббина».
(Маъноси: Аллоҳнинг исми билан, ерларимизнинг тупроғи билан, баъзиларимизнинг тупуги билан Раббимизнинг изни ила касалларимиз шифо топади.) Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлларидан баъзиларига ўнг қўлларини суртиб, паноҳ тилаб, қуйидаги дуони ўқирдилар: «Аллоҳумма роббан наси азҳибил ба`са ишфи анта шафий ла шифаа илла шифаука шифаан ла йуғодиру сақома».
(Маъноси: Аллоҳим, Сен инсонларнинг раббисан, қийинчиликларни кетказ, шифо бер, Сен шифо берувчисан. Сенинг шифоингдан бошқа шифо йўқ. Сен берган шифо бирорта ҳам касаллик қолдирмайди.) Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бош оғриғи, иситма ва бошқа оғриқларда

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча касалликларга ва иситма чиққанида: «Бисмиллаҳил кабийр, наъузу биллаҳил ъазийм, мин шарри ъирқин наъъар, ва мин шарри ҳаррин нар», деб айтишни ўргатар эдилар.
(Маъноси: Буюк Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Улуғ Аллоҳнинг номи ила томирдан шовуллаб оқувчи қоннинг ёмонидан ва дўзах ўтининг ёмонидан паноҳ тилайман.) Ибн Сунний ривоятлари.

Шифо топиш ниятида Фотиҳа сурасини ўқишлик

Фотиҳа сураси “Шифо” сураси деб ҳам аталиб, у қалбдаги ва танадаги турли касалликларга даво бўлади. Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни – ўттиз отлиқ аскарни жангга жўнатдилар. Йўлда бир араб қишлоғига тушдик. Улардан бизни меҳмон қилишлари­ни сўраган эдик, истамадилар. Шу вақтда уларнинг бошлиқларини чаён чақиб олган экан, улар бизнинг олдимизга келиб: “Ораларингизда чаён чаққанига қарши дам соладиган киши борми?” деб сўрашди. Мен шундай дуони билишимни айтиб: “Аммо сизлар бизга ҳақ тўламасангизлар мен ҳам дам солмайман”, дедим. Улар: “Биз сизларга ўттизта қўй берамиз”, дейишгач, мен “Алҳамду” сурасини етти марта ўқиган эдим, ҳалиги одам дарддан бутунлай халос бўлди. Биз қўйларни олганимиздан кейин кўнглимизда шубҳа уйғонди ва улардан биронтасига тегмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб берган эдик, у зот: “Алҳамду” – руқия, у билан дам солса шифо бўладиган сура эканини қаердан билдинг? У қўйларни тақсимлаб олинглар ва менга ҳам ўзларингиз билан бирга бир улуш бўлинглар”, дедилар».

Имом Аҳмад ва Имом Байҳаҳий “Шуъабул иймон” китобида Абдуллоҳ ибн Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Мен сенга Қуръонда нозил бўлган энг яхши сура ҳақида хабар берайми?” дедилар. Абдуллоҳ: “Хабар беринг, ё Расулуллоҳ”, деди. Набий алайҳиссалом: “У Фотиҳа сурасидир. Унда барча касал учун шифо бордир”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фотиҳа сураси ҳар қандай дардга шифодир» дедилар (Имом Доримий ривояти); «Бу сурани чаён чақиб олганга етти марта ўқиб дам солинса, иншоаллоҳ, шифо бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).

→ Фотиҳа сураси

← Бошқа дуолар