Гуноҳларга тавба қилиш дуолари | Истиғфор

"Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Астағфируллоҳаллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳаййул қаййум ва атубу илайҳи», деб айтса, (Аллоҳ ҳатто) урушдан қочгандаги гуноҳини ҳам кечириб юборади», дедилар.
(Маъноси: Барҳаёт, тирик Аллоҳдан авф этишини сўрайман ва Унга тавба қиламан.) Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, «Вой гуноҳларим, вой гуноҳларим», деб икки ёки уч марта айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Аллоҳумма мағфиратука авсаъу мин зунубий ва роҳматука аржа ъиндий мин ъамалий», деб айт», дедилар. У бу дуони ўқиди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такрорла, дедилар. Бас, у такрорлади. Сўнгра яна такрорла, дедилар. У яна такрорлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тур, батаҳқиқ мағфират қилиндинг», дедилар.
(Маъноси: Аллоҳим, мағфиратинг гуноҳимдан кенгроқдир. Раҳматинг ҳузуримдаги амалимдан умидлироқдир.) Имом Ҳоким ривоятлари.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта «Йа арҳамар роҳимийн» («Эй раҳм қилувчиларнинг раҳмлиси»), деб айтадиган кишиларга Аллоҳ таолонинг вакил қилинган фаришталари бордир. Кимки буни уч марта айтса, фаришталар у учун «Раҳм қилувчиларнинг раҳмлиси (Аллоҳ), Сенга юзланди, бас, Сен ундан сўрагин, дейишади». Имом Ҳоким ривоятлари."

Истиғфорларнинг саййиди

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким саййидул истиғфор – «Аллоҳумма анта роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абу‘у лака биниъматика ъалаййа ва абу‘у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу ла йағфируз зунуба илла анта»ни кечки пайт айтиб, шу куни вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради», дедилар.
(Маъноси: Аллоҳим, Сен Парвардигоримсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени халқ қилдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган нарсаларимнинг ёмонидан Сенинг номинг билан паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Ва яна гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларимни кечира олмайди.) Имом Бухорий ривоятлари.

Жума тонгида ўқиладиган тавба дуоси

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни бомдод намозидан олдин:
«Астағфируллоҳаллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ», деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар. (Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатли Зотдан бошқа илоҳ йўқ ва Унга истиғфор айтаман, Унга тавба қиламан.) Ибн Сунний ривоятлари.

← Бошқа дуолар