Тонг ва кечқурунда ўқиладиган дуолар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эрталаб ёки кечқурун:
«Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», (Аллоҳга ҳамд айтиш билан Уни айбу нуқсонлардан поклаб ёд этаман), деб юз марта айтса, қиёмат куни бирор киши ундан афзал бўлмайди. Фақат ана шу киши айтганидек ёки ундан ошириб айтсагина, бўлиши мумкин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Абу Довуднинг ривоятларида:
«Субҳаналлоҳил ъазийм ва биҳамдиҳи», деб келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг биридан ривоят қилинади. У зот қизларига тонг отганида:
«Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, ла қуввата илла биллаҳи машааллоҳу кана ва ма лам йаша лам йакун. Аъламу анналлоҳа ъала кулли шайин қодийр. Ва анналлоҳа қод аҳато бикулли шайин ъилма», деб айтишни ўргатар эдилар. Чунки бу калималарни тонг отганида айтган киши кеч киргунича муҳофаза қилинади. Кеч кирганида айтса, тонг отгунича муҳофаза этилади. (Маъноси: Аллоҳга ҳамд айтиш билан Уни поклаб ёд этаман. Аллоҳдан бошқада қувват йўқ. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади. Хоҳламаган нарса бўлмайди. Биламанки, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Ва, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани илми билан иҳота қилгандир.) Абу Довуд ривоятлари.
Истиғфорларнинг саййиди
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким саййидул истиғфор – «Аллоҳумма анта роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика
мин шарри ма сонаъту, абу‘у лака биниъматика ъалаййа ва абу‘у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу ла йағфируз зунуба илла
анта»ни кечки пайт айтиб, шу куни вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга
киради», дедилар.
(Маъноси: Аллоҳим, Сен Парвардигоримсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени халқ қилдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга
берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган нарсаларимнинг ёмонидан Сенинг номинг билан
паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Ва яна гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни
кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларимни кечира олмайди.) Имом Бухорий ривоятлари.