Уйга кираётганда ўқиладиган дуо

Манзилга кираётганда «Бисмиллоҳ»ни айтиб, зикрни кўпайтириб, уйда одам бўлсин-бўлмасин, салом бериб кириш мустаҳабдир. Аллоҳ таоло Нур сурасининг 61-оятида: «Бас, қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни, ассалому алайкум, денглар)», деб буюради.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй ўғилчам, уйингга кирсанг, салом бериб кир. Бу ишинг ўзингга ва аҳли аёлингга барака келтиради», дедилар». Имом Термизий ривоятлари.

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши уйига кираётганида: «Аллоҳумма инний ас`алука хойрал мавлажи ва хойрал махражи, бисмиллаҳи валажна ва бисмиллаҳи хорожна ва ъалаллоҳи роббина таваккална».
(Маъноси: Эй Раббим, Сендан киришнинг ҳам, чиқишнинг ҳам яхшисини сўрайман. Аллоҳнинг исми билан кирдик. Аллоҳнинг исми билан чиқдик. Раббимиз Аллоҳга таваккал қилдик), деб айтиб, сўнгра аҳлига салом берсин», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

← Бошқа дуолар