Қийинчилик ва ғам-ташвишда ўқиладиган дуолар
Қийинчилик ва ғамгинлик
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар менга бирор қийинчилик ёки хафачилик
етса, қуйидаги калималарни айтишни буюрдилар: «Ла илаҳа иллаллоҳу каримул ъазийм. Субҳанаҳу табарокаллоҳу роббул ъаршил ъазийм. Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн».
(Маъноси: Улуғ ва карим сифатли Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Улуғ арш Рабби Аллоҳ баракотли ва покдир. Оламлар рабби Аллоҳга
ҳамд бўлсин.) Насаий ва Ибн Сунний ривоятлари.
Ғам ёки ташвиш етганда
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга ғам-ташвиш етса, ушбу
калималар билан дуо қилсин, деганларида, бир киши: «Эй Расулуллоҳ мана шу калималардан бебаҳра қолган киши хасоратдами»
деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», деб жавоб бердилар. Сўнгра, «Бу калималарни ўзинглар айтиб,
бошқаларга ҳам ўргатинглар. Ким бир нарса талабида ана шу калималарни айтса, Аллоҳ ундан хафаликни кетказиб,
хурсандчилигини зиёда қилади», деб ўша калималарни айтдилар: «Аллоҳумма инний ъабдука, ибну ъабдика, ибну аматика, насийатий бийадик, мазин фиййа ҳукмук, ъадлун фиййа қозоук, асалука бикулли исмин ҳува лака саммайта биҳи нафсака ав анзалтаҳу фи китабика ав ъалламтаҳу аҳадан мин холқика ав истасарта биҳи фий ъилмил ғойби ъиндака ан тажъалал Қуръана нуро содрий ва робийъа қолбий ва жилаа ҳузний ва заҳаба ҳаммий».
(Маъноси: Мен Сенинг қулингман, қулингнинг ўғлиман, чўрингнинг зурриётиман. Пешонам Сенинг қўлингда. Ҳукминг менинг
устимда жорийдир. Сенинг ҳукминг одилдир. Ўзингни номлаган ёки китобингда нозил қилган ёки халқингдан бирор кишига
ўргатган ёки ғайб илмингда сақлаб қўйган исмларинг ила сўрайманки, Қуръонни дилимнинг нури, қалбимнинг баҳори,
маҳзунлигимни аритувчи ва ғамимни кеткизувчи қил). Ибн Сунний ривоятлари.
Қийин аҳволга тушиб қолганда
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Али, қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?» дедилар. «Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар қийин аҳволга тушиб қолсанг, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм», деб айт. Чунки Аллоҳ мана шу дуо билан хоҳлаганича, турли балолардан халос қилади», дедилар». Ибн Сунний ривоятлари.
Бир иш оғирлик қилганида
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма ла саҳла илла ма жаъалтаҳу саҳлан ва анта тажъалул ҳазна иза ши`та саҳла», деб айтардилар.
(Маъноси: Аллоҳим, Сен енгил этган нарсагина енгилдир. Агар Сен хоҳласанг, қаттиқ ерни ҳам текис қилувчисан.) Ибн Сунний
ривоятлари.
Яшаш қийинлашганда
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангизнинг яшаши қийинлашиб
қолса, уйидан кўчага чиқаётиб қуйидаги дуоларни айтишдан нима ман қилади?» дедилар: «Бисмиллаҳи ъала нафсий ва малий ва диний. Аллоҳумма роззиний биқозоика ва барик лий фийма қуддиро лий ҳатта ла уҳибба таъжийла ма аххорта ва ла та`хийро ма ъажжалта».
(Маъноси: Нафсим, молим ва динимга Аллоҳнинг исмини айтаман. Эй Раббим, қазои қадарингдан мени рози эт. Ва тақдир қилган
нарсангни мен учун баракали қил. Токи, кечиктирган нарсангни шошилтиришни ва шошилтирган нарсангни кечиктиришни яхши
кўрмайин.) Ибн Сунний ривоятлари.
Катта кичик мусибат етганида
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 155-156-оятларида: «Бирор мусибат етса: «Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта,
биз У зотга қайтгувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот
(мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир», деб айтган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсада истиржоъ яъни, «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», айтинг, ҳатто оёқ кийимингизнинг ипи (узилгани) учун ҳам, чунки у ҳам мусибатдир», дедилар».
(Маъноси: Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта, биз У зотга қайтгувчилармиз). Ибн Сунний ривоятлари.
Нажот топиш ниятида Фотиҳа сурасини ўқишлик
Муфассирлар Фотиҳа сурасини ўқишда инсонга кўринадиган ва кўринмайдиган мингта хосият бор, дейишади. Улардан айримлари “Фатовои суфия” китобида бундай келтирилади: “Ким қирқ кун Бомдод намози суннатини ўқиганидан кейин то фарз намозига такбир айтилгунича қирқ бир маротаба Фотиҳа сурасини ўқиб, Аллоҳ таолодан нимани сўраса, барча дуоси ижобат бўлади. Агар камбағал бўлса, Аллоҳ таоло уни бой қилади, касал бўлса, шифо беради, заиф бўлса, қувватли қилади, ғариб бўлса, Аллоҳ уни азиз қилади, бепушт, фарзандсиз бўлса, фарзандли бўлади, қарздор бўлса, қарзидан нажот топади”.
Нажот топиш ниятида "Солаатун нария" ўқишлик
Уламоларнинг тажрибаларига кўра, ушбу салавотни яхши бир нарсани ният қилиб 4444 марта ўқилса, Аллоҳнинг изни билан мақсад ҳосил бўлиши умид қилинади. Бизнинг юртларда бу салавотни кўпроқ бошга мусибат тушганда ўқиш йўлга қўйилган. Наария – ёндирувчи олов деганидир. Салавотнинг бундай номланишига сабаб шуки, у ғам ва муаммоларни тезлик билан куйдириб ташлайди.
Нажот топиш ниятида "Салоту Тунажжийна" ўқишлик
Уламолар тажрибаларига мувофиқ ушбу тунажжийнаа салавотини 1111 марта яхши бир нарсани ният қилиб ўқилса, Аллоҳ изни билан мақсад ҳосил бўлиши умид қилинади. Бизнинг юртларда кўпроқ бошга мусибат тушганда ўқиш йўлга қўйилган. Тунажжийнаа - нажот берувчи, деганидир. Бу салавотни бундай номланишига сабаб, у ғам ва муаммолардан нажот бериб, бартараф қилгани учундир.